Жигар кабоб
"Камқонлар
тез тез жигар кабоб еб туриши лозим"лигини уқтиришади, ёши улуғларимиз
ҳамда табибларимиз. Дарҳақиқат, миллий ошхонамиздаги бу кабобимиз
нафақат мазалилиги билан, балки дардларга дармонлиги билан ҳам
машҳурдир. Жигар кабобни юртимиздаги истаган кабобхоналарда учратиш
мумкин. Бу каби лаззатли кабобни худди бошқа кабобларимиз каби уй
шароитида, оила аъзоларимиз ва яқинларимиз даврасида тайёрлашнинг гашти
барибир бошқача.
Айниқса
пишириш жараёнида кабобни димоғга хуш ёқар исидан ҳар бир киши сармаст
бўлиши аниқ. Жигар кабобни тайёрлашда ортиқча вақт ва куч талаб
қилинмайди. Жигар ва думба ёғини тўғраб, устига зираворлар сепиб
пишираверасиз.
Керакли маҳсулотлар:
- Жигар 0,6 гр
- Думба ёғ 200 гр
- Туз ва зираворлар
Тайёрланиши: Жигарни пардаси ва қотиб қолган қонлардан тозлаб, 15 граммлик (3х3 см) тўртбурчак шаклида тўғраб оласиз.
Думбани
жигарга нисбатан бироз узунроқ қилиб тўғраса зиён қилмайди, аксинча
бироз узунроқ думба тўртбурчак шаклидаги думбага нисбатан узоқроқ сихда
туради, яъни тўртбурчак шаклидаги думба, узунроқ тўрғалган думбага
нисбатан тез эриб кетади.
Зираворларни
кимдир янчилган қизил қалампир билан туз ва озроқ янчилган кашнич
уруғини тавсия этади. Баъзан фақатгина қизил қалампир ва тузни тавсия
этишади. Бизнинг суратдаги зираворлар қоришмаси таркибида, янчилган қора
мурч, қизил қалампир, кашнич уруғи, зира ва туздан иборат. Ушбу
зираворлани ҳаммасини аралаштириб оламиз.
Кабобларни
сихлашда истасангиз битта жигар, битта ёғ қилиб сихланг. Ёки расмда биз
сихлаган каби 4 та жигар, 2 та ёғ қилиб сихланг.
Сихланган
кабобларимизни бошқа кабоблар каби, қизариб ёниб турган чўғда пишириб
олинади. Фақат қўрага қўйишдан олдин юқоридаги зираволардан устига
сепиб, сўнгра пишириш учун қўйиш керак.
Пишган
кабобларни истасангиз бирон бир гарнир ила, истасангиз юпқа қилиб
тўғралган пиёз билан бирга дастурхонга тортиқ қилишингиз мумкин.
Ёқимли иштаҳа!