Серхосият ошқовоқ
Совуғу бод қўзғар танда ошқовоқ,
Совуқ мижозлилар емасин мутлоқ.
Иссиқ мижозларга кўп фойда этар,
Ҳалқум билан танни яна юмшатар.
Хитойнинг қадимги қўлёзмаларида ошқовоқни «ўсимликлар маликаси» деб
таърифлашган экан. Ўша даврларда Хитой императорининг боғида қовоқ учун
махсус жой ажратилган бўлиб, император ўзи ёқтирган аъёнларини ошқовоқ
шарбати билан сийларкан.
Қишнинг қовуни
Ошқовоқ
ҳам, қовун ҳам битта ботаник оилага – қовоқгулдошлар оиласига мансуб.
Таркибини текширган олимларнинг айтишича, қовундаги қанд моддаси (асосан
глюкоза, сахароза ва фруктоза) 6 фоиздан 18 фоизгача бўлса, ошқовоқдаги
шакар моддаси 4 фоиздан 12 фоизгачадир.
Ошқовоқда аъзоларимиз учун зарур бўлган пектин моддаси бор экан.
Уруғини айтмайсизми, халқ табобатида гижжаларни туширадиган дори
сифатида қўлланилганлиги маълум. Бунинг учун тивитларидан тозаланган
уруғ намакобда ювилади ва қизитилган қозонга солиб, ковлаб-ковлаб
қиздирилади. Духовка патнисига солиб қовурилса ҳам бўлаверади.
Ошқовоқнинг ўттиздан ортиқ нави мавжуд. Турлари уч хил: емишлик, хашаки
ва идиш-асбоб тайёрланадигани. Шу охиргисининг номи қовоқ. Ичи бўш,
сирти ёғочсимон қаттиқ бўлганлиги учун уруғлари шилдираб туради.
Шаклининг ҳар хиллигидан фойдаланиб аҳоли ундан хурмача, ёғ идиш, чилим,
носқовоқ, қошиқ, чўмич, ликоп, тўрқовоқ, чолғу асбоблари (карнай,
ноғора, дутор) кабилар тайёрлаган. Кейинги йилларда негадир қовоқнинг бу
хили экилмаяпти. Идиш ва асбоб кўп ишлаб чиқарилаётгани учун унга
эҳтиёж бўлмаса керак
.
Ўзбекистонда ошқовоқнинг қуйидаги навлари экилади: дастор, сомса
ошқовоқ, чилим ошқовоқ, картошка ошқовоқ, палов кади, витаминли,
каратинли, томоша қовоқ (патиссон), қовоқча (кабачка) ва бошқалар.
Патиссон билан қовоқчанинг ёш мевалари консерваланган ҳолда истеъмол
қилинади. Бошқа навларининг фақат етилганигина мазалидир. Бундан бизда
ҳар хил овқатлар тайёрланади: манти, сомса, сутли суюқ ош, қаймоқ шўрва,
ширгуруч, кадибийрон, ошқовоқ яхнаси, ошқовоқ балиш, мошқовоқ, қаймоқли
пюре ва ҳоказо. Ҳатто қадимда паловга қўшиб ҳам пиширишган.
Абу Али ибн Сино ошқовоқ тўғрисида ажойиб фикрлар айтган:
«Ошқовоқни қайнатиб шарбати ичилса, йўтал ва кўкракда пайдо бўлган оғриқни қолдиради.
Хом (пиширилмаган) ошқовоқдан олинган шарбатни бурунга томизиш билан тиш оғриғини тўхтатиш мумкин.
Ошқовоқ киши ошқозони учун ғоят фойдалидир, У намлантирадиган ва чанқоқни босадиган дорилардан биридир.
Ошқовоқни қайнатиб, асал билан еса, нафи катта бўлади».
Ошқовоқни ёш гўдаклардан тортиб қарияларгача тез-тез еб туриши керак.
Сутда қайнатилган ёки палла-палла қилиб қасқонда буғлаб қаймоқ
суртилгани ҳам лаззат бахш этади, ҳам саломатлик ато қилади. Мана шу
овқатлар халқ табобатида ёш организмнинг тўғри ўсишига ва қариган
аъзоларнинг фаолиятини чўзишга восита бўладиган бир шифо тарзида
истеъмол қилинган.
Камқонлик
(анемия)да
қайнатилган ошқовоқдан кунига тўрт-беш марта (20-150 грамм)дан истеъмол
қилиш фойда беради. Ҳақиқатан ҳам, ошқовоқ камқонликда, темир моддаси
тақчил пайтда ва айниқса энди касалдан турган камдармон кишиларга жуда
фойдалидир. Унинг таркибида қонни яхшилайдиган темир, мис, кобальт, рух
каби муҳим моддалар бор.
Ошқовоқ ўт пуфаги фаолиятини яхшилайди,
йўғон ичакдаги яллиғланишларга қарши курашади, айниқса, холецистит,
ангиохолит, пиелонефрит, ўткир ва сурункали нефритда тавсия этилади.
Кунига 2 маҳал 100 граммдан ошқовоқ бўтқаси ейиш тавсия этилади.
Сариқ қасаллигини бошидан ўтказганлар ҳам ошқовоқ истеъмол қилиб
туришлари мақсадга мувофиқ, чунки у жигарнинг антитоксик фаолияти
тикланишини тезлаштиради.
Ошқовоқ ичакнинг мотор функциясини
яхшилайди, колит ва қабзиятда фойда беради, қандли диабет ва подаграга
чалинган беморларга тавсия этилади.
Ошқовоқ димлама
Керакли
масаллиқлар: битта ошқовоқ, 500 гр қўй ёғи, 500 гр гўшт қиймаси, 2 дона
пиёз, 1 дона лимон, 1 пиёла қаймоқ, 2 дона лавр япроғи, таъбга кўра туз
ва зираворлар.
Тайёрланиши: ошқовоқнинг тепасини кесиб, ичидаги
уруғларини тозалайсиз. Кейин уни яхшилаб ювасиз. Лимон (пўсти билан), ёғ
ва пиёзни майда қилиб тўғрайсиз ҳамда қийма, туз, лавр япроғи ва
зираворларни қўшиб, ҳаммасини аралаштирасиз. Сўнг ошқовоқ ичига
масаллиқни солиб, устини кесилган банди билан ёпасиз.
Ошқовоқни
қиздирилган духовкада 1 соат давомида пиширасиз. Тайёр бўлган таомни
товага олиб, аста қирқасиз ва ликопларга солиб, устига бир ош қошиқда
қаймоқ қуйиб, дастурхонга тортасиз.
Ассорти
Керакли
масаллиқлар: 200 г қовоқ, 3 дона помидор, 1 та кичикроқ пиёз, ярим
стакан творог бўтқаси, 4-5 та кўк салат барглари, таъбга кўра туз ва
гармдори.
Тайёрланиши: ошқовоқ ювиб тозалангач, қирғичдан
ўтказилади. Юпқа тўғралган пиёз, мурч, помидор, майдаланган петрушка,
укроп, туз гармдори, творог бўтқаси қўшилади. Кўк салатнинг шапалоқ
барглари билан безатилган идишга тайёр салат солинади. Юзасига кўкатлар
ва помидор бўлакчалари билан чиройли кўриниш берасиз.
Қовоқли шўрва
Уруғларидан
тозаланган қовоқнинг пўстини арчмасдан 8-10 см катталикда бўлаклайсиз.
Уч-тўрт дона иликли суяклар, гўштли шўрвага ошқовоқ бўлаклари, шолғом ва
картошка солинади, сўнг пишгунича милдиратиб қайнатилади. Уларни
алоҳида идишларга олиб, совитиб, дастурхонга тортинг.
Буғда пишган қовоқ
Яхна
қовоқни тайёрлаш учун унинг бўлакларини мантиқасқон лаппакларига териб,
ярим соат давомида буғда пиширасиз. Эрталаб наҳорда ва кечқурун
истеъмол этилса, гипертония касаллиги, қандли диабет ва атеросклерозда
фойда беради.

Filmlar, Kliplar va boshqa Fayllarni Ko'chirib/Download qilib olmoqchi bo'lsangiz: Internet Download Manager ni sizga Tavsiya etamiz!
Serverdagi Nosozliklar Tufayli Ayrim Kinolar Faqat (Mozilla Firefox) Brauzerida Ko'rsatayabdi.
Agar Sizda Mozilla Firefox Brauzeri Bo'lmasa Uni O'rnatib Oling.Agar Mozilla Firefoxda ham Kinolar Ko'rsatmasa Adobe Flash Playerni O'rnating.Marhamat Pastdagi Rasmlarga Bosgan Holda Ushbu Programmalarni O'rnating.